MATEMATIKA HAMMA ANIQ FANLARGA ASOS. BU FANNI YAXSHI BILGAN BOLA AQLLI, KENG TAFAKKURLI BO‘LIB O‘SADI, ISTALGAN SOHADA MUVAFFAQIYATLI ISHLAB KETADI.
KIM MATEMATIKANI BILMASA, HAQIQATNI BILMAYDI. KIM UNI TUSHUNMASA ZULMATDA YASHAYDI.
MATEMATIKANING ASOSIY VAZIFASI BIZNI O’RAB TURGAN TARTIBSIZLIKLARDA YASHIRINGAN TARTIBNI TOPISHDAN IBORAT.
ҒАЙБУЛЛА НАЗРУЛЛАЕВИЧ САЛИХОВ
(15.03.1932- 11.12.1979)
Таниқли олим, физика-математика фанлари доктори Ғ.Н.Салихов 1932 йил 15 мартда Бухорода туғилди. Ўрта мактабни муваффақиятли тугатиб, 1953 йилда Ўрта Осиё Давлат Университетининг (ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университети) физика-математика факультетига ўқишга кирди. Университетни тугатгандан кейин, 1958 йилда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Математика институтига йўлланди. У 1960 йилда аспирантурага қабул қилинди ва Россия Фанлар Академияси Сибир бўлимининг Математика институтига (ҳозирда С.Л.Соболев номидаги Математика институти) командировкага юборилди, у ерда академик С.Л.Соболев раҳбарлигида тақрибий интеграллаш масалалари билан шуғулланди. 1964 йилда “Тўрт ўлчовли фазо сфераси сиртида баъзи кубатур формулалар” номли номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
У 1964 йилдан 1966 йилгача Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ҳисоблаш Марказли Кибернетика институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади, ҳамда 1966 йилдан 1976 йилгача “Тақрибий интеграллаш назарияси” лабораториясига бошчилик қилди. Бир вақтни ўзида у Тошкент Давлат Университетида ҳам педагогик фаолият юритди. 1967-1972 йилларда Ҳисоблаш математикаси кафедрасига мудирлик қилди, ҳамда 1972 йилдан 1976 йилгача кафедра доценти бўлди. 1976 йилдан ҳаётининг охиригача Тошкент Давлат Университетининг Амалий математика ва механика факультети декани ва бир вақтнинг ўзида Ҳисоблаш математикаси кафедрасига мудири бўлиб ишлади.
Фавқулодда истеъдод ва ҳартомонлама математик тайёргарлик Ғ.Н. Салиховга тақрибий интеграллаш назариясининг алоҳида мураккаб масаласини ечишга кўп ўлчовли сфералар учун кубатур формулалар ишлаб чиқишга имкон берди. Бу тугалланган математик изланиш 1979 йилда Новосибирскда у томонидан ажойиб ҳимоя қилинган “Кўп ўлчовли сфераларда кубатур формулалар назариясига” номли докторлик диссертациясидир. Бу докторлик диссертацияси “Кўп ўлчовли сфералар учун кубатур формулалар” номли монографиясининг асоси бўлди. У томонидан республика ва чет эл журналларида олтмишдан ортиқ илмий мақолалар чоп этилди. Ғ.Н.Салихов Ўзбекситонда юқори малакали кадрларни тайёрлашга катта ҳисса қўшди. У Россиянинг илмий марказларида ва айниқса Новосибирскда ўқиган ёшларнинг севимли устозларидан бири эди.
Ғ.Н.Салихов таълим тарбиявий ва илмий ишларни жамоат ишлари билан биргаликда олиб борар эди. Кўп йиллар мобайнида у “ЎзФА ахборотлари”, физика-математика серияси журнали – ҳозирги Ўзбекистон математика журнали, “Ҳисоблаш ва амалий математика муаммолари” тўплами редколлегиялари, Ўзбекистон миллий энциклопедияси математика бўлими, ЎзР Олий Таълим Вазирлиги “кибернетика” ва “математика” бўлимлари, “Билим” жамияти бошқарув бюроси, Тошкент Давлат университети илмий-методик ва илмий кенгашлари аъзоси ҳамда амалий математика ва механика факультети илмий кенгаши раиси бўлди. Унинг раҳбарлигида Тошкентда кубатур формулалар назарияси бўйича халқаро коллоквиумлар кўп марталаб ташкил қилинди ва ўтказилди.
Академик С.Л.Соболевнинг тақрибий интеграллаш илмий мактаби замонавий математик методларни қўллаш туфайли дунёда етакчи ўринни эгаллади. Бу мактабнинг атоқли вакилларидан бири ажойиб математик ва педагог Ғ.Н.Салихов эди. У ҳозирги даврда дунё мутахассилари орасида тан олинган “Тақрибий интеграллаш назарияси” ўзбек мактабининг бошида турган эди.
Олим 1979 йил 11 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Таниқли олим ва ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ғ.Н. Салиховнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.