Sayt test rejimida ishlamoqda

Навбатдаги суҳбатдошимиз – Олий Мажлис Сенати аъзоси, ЎзФА Математика институти директори, физика-математика фанлари доктори, академик Шавкат Аюпов бўлди.

Олим математик фанининг моҳияти, бошқа фанлар билан узвийлиги ва бошқа мавзуларда олим ва раҳбар сифатидаги қарашлари билан ўртоқлашди.

– Ўзингиз ҳақингизда, илмда босиб ўтган йўлингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз.

– Ёшлигимдан математикага қизиқишим катта бўлган, айниқса юқори синфларда. Ўша вақтлари академик Сирожиддинов раҳбарлигида математика бўйича республика олимпиадалари ўтказиларди. Мен унда қатнашиб ғолиб бўлганман. Сўнг иттифоқ бўйича ўтказиладиган олимпиадага Новосибирск шаҳрига ёзги мактабга олиб боришди. Ўшанда математик бўламан, деб узил-кесил қарор қилганман.

Кейин ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) механика-математика факультетига ўқишга кирдим. Мактабда академиклар Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов ва Саъди Сирожиддиновларнинг суратларини кўриб, қани энди шуларга шогирд бўлсам, деган умид бўларди. Бу орзу рўёбга чиқиб, 3-курсда кафедраларга тақсимлаш вақтида айнан Саримсоқов раҳбарлигидаги функционал анализ кафедрасига ўтганман.

Шу пайтдан бошлаб, бутун илмий ва илмий-ташкилий фаолиятим академик Тошмуҳаммад Саримсоқов домла билан бирга бўлган. Мен академикликка сайланганимда ҳам домла ҳаёт эдилар. Буни устоз 100 йиллигига бағишлаб чиқарилган китобда ёзгандим: «Т.Саримсоқов домла талабалигимдан академиклигимгача бирга бўлган, устозлик қилган».

1979 йилда ФА Математика институтида функционал анализ бўлими очилган, устоз тавсияси билан шу жойга ўтганман. Орадан 41 йил вақт ўтган, илмий фаолиятим шу даргоҳ билан боғлиқ бўлса-да, бирор кун ҳам университет билан алоқам узилмаган. Ҳозирги кунда ҳам ҳар пайшанба куни талабаларга дарс бераман.

2004 йилдан бери Математика институти директори бўлиб ишлаб келаман. 2003 йилда Бутунжаҳон фанлар академияси аъзолигига сайланганман. Италиядаги Назарий физика марказига 6 йил давомида ассоциатив аъзо бўлганман. Бундан ташқари, Ўзбекистон математикаси учун янги йўналиш бўлган алгебра ва оператив алгебра соҳаларини бошлаб берганман, ҳозирда ҳам иш олиб боряпман.

– Ҳозир ҳам институт директори, ҳам сенатор, ҳам илмий фаолиятдан орттириб талабаларга дарс бераман деяпсиз. Кўпинча декан ва ректорларнинг дарсини бошқалар ўтганини кўрардик. Талабага катта илмга эга профессор ёки академик дарс ўтиши қандай таъсир қилади?

– Академик ёки ректор бўлган кишинининг вақти зиқ бўлади. Лекин унинг талабаларга дарс бериши ҳам илмий томондан, ҳам тарбиявий томондан жуда катта аҳамиятга эга. Бу, бир томондан, талабанинг илм-фанга қизиқиши ортишига сабаб бўлади.

Юқорида айтганимдек, ҳар пайшанба куни 2 жуфтлик семинар машғулоти ўтаман. Мен ўзим ҳам маъруза қиламан, талабалар ҳам фикр билдиради. Биргаликда муҳокама қиламиз, илмда энг долзарб масалалар нима – уларга йўналиш бераман.

Иккинчи томондан, бу каби машғулотлар олимнинг ўзи учун ҳам фойдали. Чунки математика бу – ёшларнинг фани, ёшлар келмаса у ўлади. Математикага ноанъанавий фикрлар керак, бунга кўпроқ ёшларнинг қобилияти бор.

Ўз фанимни сақлаб қолиш учун ёшлар билан ишлашим зарур. Дарс пайтида йўналиш бераман, қизиқ-қизиқ фикрлар шу ёшлардан: докторант, талабалардан чиқади.

– Академик учун математикада энг қийин масала қайси?

– Математикада энг қийин масала деган савол унчалик ўринлимас, чунки у жуда кенг соҳа. Математикани ҳозир ҳисоб-китоб деб тушунишади. Математика ҳамма нарсага асос дейилиши бу ҳисоб-китоб учун эмас, балки тафаккур. Математиклар бирор нарсани исботланмагунча ишонмайди. Айнан мана шу фикр болаларда шаклланиши керак.

Мактабларда кўп теоремалар исботсиз берилмоқда. Бола теоремани ёдлаб олади, лекин у қанақа қилиб исботланишини билиши керак: ҳаммага гап шунда.

Ҳамма соҳада математик модел яратиш мумкин. Биринчи навбатда физика. Ньютон давридан бери математик моделлар физика, механикада қўллаб келинади. Ҳозир эса бошқа соҳаларда ҳам математик модел яратилади: аналитик, алгебраик ёки компьютер моделлар. Уларни ўрганиб, ривожлантириб, натижаларини амалиётга қўллаш – мана шулар математиканинг вазифаси.

Математик моделлар биологияга ҳам кириб келмоқда. Эпидемияларни моделлаштириш: статистикага қараб, бирор касалликнинг тарқалиши қанақа бўлади – буларни олдиндан айтиш мумкин. Шу маънода математика ҳамма фанларга асос деса бўлади.

Иқтисод бўйича Нобель мукофотини бир неча марта математиклар олган. Улар иқтисод масалаларининг математик моделларини яратиб, шундай натижалар олганки, у иқтисодга қўлланганда жуда катта самара берган.

– Илм-фан билан шуғулланишдан ташқари бу жараённи тўғри ташкиллаштириш ҳам муҳим. Соҳада административ вазифаларга кадр танлашда нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

– Математика шундай фанки, унга доим ижодий илҳом керак. Шунинг учун бу административ соҳадан анча узоқ. Олимнинг фикри доим ўз масаласи билан банд бўлади. Административ муаммони эса ўша пайтнинг ўзида ҳал қилиши зарур. Кўпинча улар бир-бирига қовушавермайди.

Лекин фикримча, яхши олим административ ишга ҳам қўл уриши керак. Нима учун? Агар у фанни яхши тушунса, ўз қўл остидаги ходимларга яхши шароит, имкон яратади, фаннинг қадрига етади.

Агар раҳбарда олимлик бўлмай, администратор хусусияти бўлса, у фақат ўз ишини талаб қилади, ижодга вақт қолмаслиги мумкин.

– Олимни илмий ижоддан тўсадиган нарса нима?

– Қоғозбозлик, ҳисобот бериш. Фан бу – ижод, айниқса, математика фани. Йил давомида қиладиган ишларини, биринчи кварталда буни, кейингисида бошқасини, йил охиригача эса бундай иш қиламан дейиш мантиқан нотўғри. Чунки математик олдиндан билолмайди: олган муаммоси тўғрими-нотўғрими, исботлай оладими-йўқми.

Математикада шундай масалалар борки, юзлаб йиллар давомида юзлаб олимлар тагига етолмаган. Уларга жуда катта мукофотлар эълон қилинган.

Айниқса фундаментал фанда ҳар чоракда ҳисобот бериш нотўғри. Чунки 3-4 ой олимда ҳеч қандай фикр келмаслиги, лекин куни келиб зўр ғоя туғилиши мумкин. Ваҳоланки, ҳар чораклик ҳисоботда ҳеч нима бўлмайди.

Фундаментал фанда йилда бир марта ҳисобот олиш керак. Нима натижа олди, қандай мақолалар ёзди, қайси нуфузли журналларда нашр эттирди, қайси хорижий конференцияда маъруза қилиб келди – мана шунга қараб баҳо берилади.

Ишлаб чиқаришдан ҳар чоракда ҳисобот олиш тўғридир. Фанда албатта, бу нарса унча тўғри келмайди. Фанга ёндашув бошқача бўлиши лозим.

Шоирга, мисол учун, «йўл харитаси» ёзиб бериб, биринчи чоракда қандай шеър ёзасан, кейингисида қайсисини деб айтолмайсиз-ку. Чунки унинг иши илҳомга боғлиқ. Илмга ҳам ижодга бўлган муносабатда қараш керак.

– Ҳамма даврда, маконда ва соҳада авлодлар алмашинуви бўлиши табиий жараён. Айни пайтда илм-фан соҳасида ҳам кекса авлод ва ёш авлод ўртасида ислоҳотлар борасида фикрлар қарама-қаршилиги борми? Нималарда акс этяпти?

– Тўғри, бошқа соҳаларда турли қарашлар бўлади. Лекин математикада бу истисно деб қараса ҳам бўлади. Сабаби математикада икки қараш бўлиши мумкинмас: бир нарса ё тўғри, ё нотўғри. Албатта, буни тўғрилигини ҳам, нотўғрилигини ҳам исботлаш керак.

Бундан ташқари, бошқа бир маънода фикрлар турфалиги бор. Ёши катта олим бирор масалани кун тартибига олиб чиқиши, ёшлар эса бошқа бир муаммони кўтариши мумкин. Шу маънода, йўналиш танлашда фикрлар фарқ қилади.

Ёш олимлар бошқа таклифлар билан ҳам чиқишган. Масалан, илмий даражалар бериш масаласида жиддий таклифлар берилди.

Икки босқичли илмий даража бериш тизими керак эмас, фалсафа доктори (PhD) даражасини олиб, кейин илм қилаверса ва докторлик ёқлашим керак, деб вақтини ўтказмаса, деган қарашлар бор. Албатта, унинг гапида жон бор. Лекин тажрибани олгандан кейин тўла олиш керак.

Хорижда фалсафа доктори (PhD) олиб, илмни давом эттираверади, лекин ўсиш қадамлари кўп. Қилаётган илмий ишларига қараб даражаси ўсаверади. Бизда эса бу механизм йўқ.

Илм шундай гап бор: илмий жамоада ҳаммаси ёши катталар бўлса, бу трагедия; агар ҳаммаси ёшлар бўлса, комедия; агар ҳам катталар, ҳам ўрта ёш, ҳам ёшлар бўлса, бу симфония – шу керак аслида!

Баъзи соҳаларда катта олимлар кексайиб қолган, ёшлар эса деярли йўқ. Илмда 40-50 ёш оралиғи энг сермаҳсул ҳисобланади. Ҳамма авлод вакиллари бўлгандагина фан ривожланади.

– Грантлар танлови шаффофлиги, коррупция даражаси қандай? Грантлар ижроси амалда қанчалик самарали ва тўғри ташкил қилинади?

– Бундан 20 йилча олдин грант деган нарса умуман бўлмаган. 2002-2003 йилларда грантлар пайдо бўлди. Шунда бир системадан бошқасига ўтилган. Ҳамма нарса грант бўлиб кетган, бу баъзи муаммоларни ҳам келтириб чиқарган, айниқса Фанлар академияси учун.

Барча ойлик-маошлар грантлар ҳисобига ўтиб кетганди. Натижада грантлар ҳаёт-мамот курашига айланиб қолди. Грант бўлмаса, институт ҳам йўқ бўлади. Шу жараёнда нообъективлик бўлди ўша пайтларда. Яқинроқ одамларга, институтларга жуда кўп грантлар берилди.

Баъзи институтлар йигирматалаб проектлар беришган, биз эса 3та йўналиш бўйича 3та проект берганмиз. Сабаби – математикада ҳамма нарсага аниқ ёндашишга ўрганилган, бор нарсани ёзганмиз.

Ҳозирда бу бироз тартибга солинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳал этилади. Шаффофлик бор, деса бўлади. Лекин жараён жуда мураккаблашиб кетган. Бюрократия кўпайиб кетяпти, деб ўйлайман. Чунки лойиҳа берилгандан кейин тинимсиз бориб келаверади, бир нарсаси нотўғри экан деб.

Биз бир нечта чет эл грантлари олганмиз. Лойиҳа ёзилади, раҳбар кўриб, бериб юборилади. Кейин уни изидан ўн марталаб қайтарилмайди. Бизда ҳозир, афсуски, шу нарса бўляпти. Баъзан ойлаб грантлар масаласи ечилмаяпти. Бўлмайдиган нарсани бўлмайди, дейиш керак.

– Математикага қизиққан ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Биринчи навбатда, математикага инсоннинг ўзида мойиллик бўлиши лозим. Чунки ҳамма ҳам математик бўлавермайди. Ҳақиқатда математик бўламан, деган ёшлар математика билан мунтазам шуғулланиши керак.

Фан олимпиадаларида мунтазам қатнашиб туриш зарур, бу номи учун математик бўламан дейдими ёки ҳақиқатда шунга қизиқиш, мойиллик борми — шуни аниқлашга ёрдам беради.

Ҳозирги ёшларда битта муаммо бор: бир соҳага кираман деса, бошқа фанлар билан умуман қизиқмайди. Математик бўламан дейди-да, физика, кимё, биология, тарихни каби фанларни ўқимайди. Бу жуда нотўғри — одамда дунёқараш жуда кенг бўлиши керак.

Мактабда, албатта, барча фанларни чуқур ўрганиш лозим. Айниқса тилни – ўзбек тилини билиш жудаям муҳим, ўз исмини тўғри ёзолмайдиганларни ҳам кўрамиз. Кейин рус, инглиз тилларини билиши лозим, ўшанда фанга кириш осон бўлади.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Манба: kun.uz