MATEMATIKA HAMMA ANIQ FANLARGA ASOS. BU FANNI YAXSHI BILGAN BOLA AQLLI, KENG TAFAKKURLI BO‘LIB O‘SADI, ISTALGAN SOHADA MUVAFFAQIYATLI ISHLAB KETADI.
KIM MATEMATIKANI BILMASA, HAQIQATNI BILMAYDI. KIM UNI TUSHUNMASA ZULMATDA YASHAYDI.
MATEMATIKANING ASOSIY VAZIFASI BIZNI O’RAB TURGAN TARTIBSIZLIKLARDA YASHIRINGAN TARTIBNI TOPISHDAN IBORAT.
АКАДЕМИК Аюпов Шавкат Абдуллаевич
Шавкат Абдуллаевич Аюпов – таниқли математик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Биринчи даражали Давлат мукофоти совриндори.
Ш.А.Аюпов – Ўзбекистон илм фани, олий таълими ривожига улкан хисса қўшган ва қўшиб келаётган олим, операторлар алгебралари, квант эҳтимоллар назарияси ва ноассоциатив алгебралар соҳасидаги дунёга танилган замонавий илмий мактабнинг раҳбари ҳисобланади.
Мамлакатимиз ва бошқа давлатлар математиклар жамиятлари орасида Ш.А.Аюпов операторлар алгебралари назарияси, нокоммутатив интеграллашлар назарияси ва уларнинг квант эҳтимоллар назариясига тадбиқи бўйича чуқур тадқиқотлар муаллифи сифатида машҳур ва йирик мутахассис деб тан олинган. У ноассоциатив алгебралар назариясида янги илмий йўналиш бўлган – Лейбниц алгебралари структуравий назариясининг асосчиларидан биридир.
У ўз устози, машҳур академик Т.А.Саримсоқов сайъи ҳаракатлари билан ташкил қилинган, Тошкент функционал анализ мактаби анъаналарини давом эттириб, ҳозирги замон математикасининг энг долзарб муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар савиясини янада юқори даражага кўтариш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Бир қатор иқтидорли ёшларни тарбиялаб, давлатимизда ёш математиклар ва педагог ўқитувчиларнинг савиясини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.
Ш.А.Аюпов 1952 йил 14 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У мактаб йиллариданоқ математикага юқори қизиқиши ва қобилияти билан ажралиб турган, шаҳар ва республика мактаб олимпиадаларида ғолиб бўлиб, Новосибирск шахридаги ёзги физика-математика мактабида ўқиган (1968 й.). 1969 йили ўрта мактабни олтин медал билан битириб, Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) механика-математика факультетига ўқишга кирган ва 1974 йили «функционал анализ» мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тугатган. Шу йили у академик Т.А.Саримсоқов ва доцент Ж.Хожиев (ҳозирда академик) раҳбарлигида аспирантурага қабул қилинган.
1977 йили Ш.А.Аюпов физика–математика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Унинг дастлабки илмий ишлари ноархимед нормали майдонлар устидаги топологик вектор фазолар назариясига, махсус ҳалқалар гомоморфизмларига ва топологик модуллар иккилик назариясига бағишланган. 1977 йили Ш.А.Аюпов амалга оширган туркум ишлари учун Ўзбекистон фанлар Академиясининг ёш олимлар Мукофотига сазовор бўлган. Ўша йилларда академик Т.А.Саримсоқов ташаббуси билан Тошкентда нокоммутатив (квант) эҳтимоллар назарияси бўйича илмий тадқиқотлар бошланган бўлиб, бир қатор ёш математиклар бу назариянинг тартиб тушунчаси киритилган алгебралар назариясига асосланган алгебраик талқини бўйича изланишларга киришганлар. Бу ҳолат операторлар алгебралари (фон Нейман алгебраси, С*-алгебра, Йордан операторлар алгебралари ва бошқалар) назарияси бўйича фаол тадқиқотлар олиб борилишига туртки бўлган ва Ш.А.Аюпов тартиб киритилган Йордан алгебралари ва ноассоциатив интеграллаш назариясини яратиш, уларнинг квант эҳтимоллар назариясига тадбиқи юзасидан улкан дастурни бажаришга киришган. Бу тадқиқотларнинг натижаси «Упорядоченные алгебры» Тошкент: «Фан», 1983, монографиясида ўз аксини топган (Т.А.Саримсоқов, Ж.Х.Хожиев, В.И.Чилин ҳаммуаллифлигида).
Бу соҳадаги ишлар Ш.А.Аюповнинг 1979 йили В.И.Романовский номидаги Математика институтида янги ташкил этилган функционал анализ бўлимига ўтгандан сўнг сезиларли даражада жонланди. Йордан оператор алгебралари (JW-алгебрлар) таснифи қурилди, уларнинг типлари билан ўрама фон Нейман алгебралари типлари орасидаги боғлиқлик аниқланди, тартиб тушунчаси киритилган Йордан алгебралари учун Гельфанд-Наймарк теоремаси исботланди.
Бу тадқиқотларнинг натижалари 1983 йили «Математик анализ» ва «Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика» ихтисосликлари бўйича муваффақиятли ҳимоя қилинган «Классификация, представления и вероятностные аспекты упорядоченных йордановых алгебр» мавзусидаги докторлик диссертациянинг асосини ташкил қилди. Ш.А.Аюповнинг бу тадқиқотларининг натижалари «Классификация и представления упорядоченных йордановых алгебр», Тошкент: «Фан», 1986 й. – моногра-фиясида нашр қилинди.
Ш.А.Аюпов ва унинг шогирдлари олиб борган кейинги изланишлар ҳақиқий фон Нейман алгебралари назарияси, бу алгебраларнинг дифференциаллашлари ва нокоммутатив спектрал назария билан боғлиқ. Операторлар алгебралари назарияси, нокоммутатив интеграллашлар назарияси бўйича олиб борилган тадқиқотлари учун Ш.А.Аюпов ўз шогирдлари Р.З.Абдуллаев, М.А.Бердиқулов, Ш.М.Усманов, ҳамда Қозон давлат университетидан, ҳамкасблари Н.В.Трунов ва О.Е.Тихоновлар билан бирга 1986 йилда фан ва техника соҳасида ёш олимлар Мукофотига сазовор бўлди. Бу тадқиқотларнинг натижалари 1997 йили Голландиянинг Kluwer Academic Publishers нашриётида чоп этилган Ш.А.Аюпов, А.Рахимов ва Ш.М.Усмановларнинг «Jordan, Real and Lie structures in Operator Algebras» монографиясида ўз аксини топди.
Ҳақиқий факторлар индекслари назариясига таълуқли кейинги илмий натижалар 2010 йили Германиянинг VDM Publishers нашриётида чоп қилинган ва Ш.А.Аюпов ва А.А.Рахимовларнинг «Real AW*-algebras, аctions of groups and index theory for real factors» монографиясига киритилди.
1994 йили Ш.А.Аюпов Олий математик тадқиқотлар Институти (IRMA) директори профессор Ж.-Л. Лоде таклифига кўра узоқ вақт давомида Страсбург университетида (Франция) илмий тадқиқотлар олиб борди. Тахминан шу йиллари Ж.-Л.Лоде гомологиялар назарияси талабларидан келиб чиққан ҳолда Ли алгебраларининг ажойиб умумлашмаси – Лейбниц алгебралари тушунчасини киритди. Шундан сўнг бу алгебралар математиканинг жуда кўплаб соҳаларида ўз тадбиқини топди. Франциядан қайтгач Ш.А.Аюпов шогирдлари билан Лейбниц алгебралари назариясини ривожлантиришга киришди. Чекли ўлчамли нильпотент Лейбниц алгебралари турли синфларининг таснифи ва тавсифига бағишланган чуқур натижалар олинди. Ли алгебраларининг кўплаб муҳим хусусиятлари Лейбниц алгебралари учун ҳам умумлаштирилиши мумкинлиги исботланди. Кейинчалик бу соҳада олиб борилаётган тадқиқотлар ишига бир қатор иқтидорли ёш олимларимиз ҳамда Испания, Франция, Малайзия ва бошқа давлатлардан чет эллик ҳамкасблар қўшилдилар. Бу йўналишда олинган дастлабки натижалар Ш.А.Аюпов, Ю.Хакимжанов ва М.Гозе таҳрири остида, ҳамкорликда чоп қилинган «Algebra and Operator theory» (Kluwer Academic Publishers, 1998) монографиясига киритилди. Ҳозирги кунга келиб Ш.А.Аюпов раҳбарлигида Лейбниц алгебралари ва бошқа ноассоциатив алгебралар назарияси бўйича дунё тан олган илмий мактаб вужудга келди. Йигирма беш йилдан ортиқ вақт давомида бу соҳада олинган натижаларни жамлаган холда 2019 йилда Ш.А.Аюпов томонидан Б.А.Омиров ва И.С.Рахимовларнинг хаммуаллифлигида «Leibniz algebras: Structure and Classification» номли монографияси Taylor & Francis Group Publisher нашриётида чоп эттирилди.
Ш.А.Аюповнинг яна бир йўлга қўйган илмий йўналишларидан бири – ўлчовли операторлар алгебраларининг баъзи синфларида аниқланган дифференциаллашлар тадқиқидир. У томонидан 2000 йили, квант динамикасида муҳим тадбиққа эга бўлган, чегараланмаган операторлар алгебрасида дифференциаллашларни тадқиқ қилиш дастури таклиф қилинди.
Йигирма йилга яқин вақт ичида Ш.А.Аюпов ва унинг ҳамкасблари, шогирдлари ҳамда Австралия, Россия, Голландия, ЖАР каби мамлакатлар математиклари томонидан фаол равишда ўрганилган бу масала, ҳозирги кунга келиб барча типдаги фон Нейман алгебраларига нисбатан ўлчовли ва локал ўлчовли операторлар алгебралари учун тўла ҳал қилинди.
Ҳозирда Ш.А.Аюпов ва унинг шогирдлари ишларида, операторлар алгебраларининг, Ли ва Лейбниц алгебраларининг локал хамда 2-локал акслантиришларига бағишланган бир қатор илмий натижалар олинди. Бундан ташқари суст-аддитив функционаллар назарияси ривожлантирилиб, бундай функционаллар фазосининг топологик ва категориявий хоссалари ўрганилди.
Ш.А.Аюпов илмий хизматларининг катта эътирофи сифатида унинг ЎзРФА мухбир-аъзоси (1989 й.), ЎзРФА академиги (1995 й.), Ривожланаётган Дунё фанлар Академиясининг(TWAS) ҳақиқий аъзоси (2003 й.), Абдус Салом номидаги Халқаро Назарий Физика Маркази (ICTP) аъзоси (2008 й.), Монголия фанлар Академии аъзоси (2008 й.) этиб сайланганини кўрсатиш мумкин. Ш.А.Аюповнинг тавсиясига кўра ҳамкасблари ва шогирдлари орасидан бештаси – ёш фан докторлари У.А.Розиков, Б.А.Омиров, К.К.Кудайбергенов, А.Х.Худойбердиев, Э.Т.Каримовлар TWASнинг ёш олимлар секцияси таркибига сайланишди.
Ш.А.Аюпов ўзини иқтидорли фан ташкилотчиси сифатида ҳам намоён қилди. У 1992-97 йилларда ва 2004 йилдан ҳозирги вақтгача Математика институти директори лавозимида фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда институтда ҳақиқий ижодий муҳит яратилди ва халқаро алоқалар янада ривожлантирилди, кадрлар тайёрлаш, айниқса ёш фан докторлари тайёрлаш сезиларли даражада фаоллашди. Институтга халқаро грантлар олиб келинди. Масалан, 2002-2011 йиллари Ш.А.Аюпов раҳбарлигида Германиянинг DFG фонди йўналиши бўйича Бонн университетининг амалий математика институти билан биргаликда лойиҳалар бажарилди. Ш.А.Аюпов томонидан Ўзбекистон-АҚШ математиклари илмий анжуманлари ташкил қилиниб, анжуманнинг биринчи йиғилиши 2014 йилда АҚШнинг Калифорния штатида ўтказилган бўлса, иккинчи йиғилиш 2017 йилда Урганч шаҳрида бўлиб ўтди. Ш.А.Аюпов ташаббуси билан 2018 йилда Тошкентда CIMPA (Centre International de Mathématiques Pures et Appliquées)нинг “Ноассоциатив алгебалар ва уларнинг табдиқлари” номли халқаро ёзги мактаби, 2019 йилда Хитойнинг Ченгду шахрида Хитой-Марказий Осиё математикларининг биринчи илмий анжумани ўтказилди. Бундан ташқари, 2017-2019 йиллар давомида АҚШ миллий фонди ҳамкорлигида америкалик талаба ва магистрантлар учун ташкил қилинган уч йиллик ёзги мактаб Тошкентда Математика институтида ўз фаолиятини муваффақиятли олиб борди.
Ш.А.Аюпов сермаҳсул илмий ва илмий-ташкилий ишларини катта педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан муваффақиятли қўшиб олиб боради. У Ўзбекистон Миллий университетида алгебра ва функционал анализ кафедрасида профессор сифатида ўриндошлик асосида педагогик фаолият олиб бормоқда. У 10 нафар фан доктори ва 40 дан зиёд фан номзодлари тайёрлаган. Улардан кўпчилиги юртимиздаги ва чет эллардаги университет ва илмий марказларда муваффақиятли фаолият юритишмоқда. Ўзининг илмий тадқиқотлари натижалари бўйича Ш.А.Аюпов 6 та монография ва 300 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилган. Уларнинг аксарияти хорижий давлатларнинг нуфузли халқаро математик журналларида чоп қилинган. У олий ўқув юртларининг математика мутахассислиги бўйича ўқийдиган талабаларга мўлжалланган 6 та дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг муаллифидир.
Инсонийлик сифатларига кўра Ш.А.Аюпов – ҳақиқий зиёли, жуда тартибли, юксак маданиятли, тоза ҳулқ эгаси, ҳар доим ҳақгўй ва адолатпарвар инсондир.
Ш.А.Аюпов Фанлар Академияси Президиуми аъзоси (1994-2000 йй.), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасида фан ва таълим бўлими мудири (1994-96 йй.), Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида бош маслаҳатчиси (1996-97 йй.), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси қошидаги Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) раиси (1997-2003 йй.), Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим Вазирининг муовини (2003-2004 йй.) сифатида ишлаш давомида олий таълим ривожига, унинг кадрлари потенциалини мустаҳкамлашга, Республикамиз учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш савиясини оширишга катта хисса қўшган.
Ш.А.Аюпов «Ўзбек математика журнали», «Математика институти бюллетени» ва «Физика, Математика ва информатика» журналлари бош муҳаррири, Олий аттестация комиссияси раёсати аъзоси ҳисобланади. Ҳозирда академик Ш.А.Аюпов Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис сенати аъзоси сифатида бутун куч-ғайратини Ўзбекистонда математика фани ва таълими савиясини кўтариш, иқтидорли ёшларни қидириб топиш ва фанга жалб қилиш учун сарфламоқда.
Математика фани ривожига қўшган катта хизматлари, самарали педагогик фаолияти ва малакали илмий кадрлар тайёрлагани учун Ш.А.Аюпов 1996 йили «Шуҳрат» медали билан, 2003 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди, 2011 йили эса унга «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони берилди. 2017 йида академик Ш.А.Аюпов профессорлар Ў.А.Розиқов, Б.А.Омиров ва К.К.Кудайбергеновлар билан “Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш” бўйича амалга оширган фундаментал тадқиқотлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фан ва техника соҳасида Биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Устозга мустаҳкам соғлик-саломатлик тилаб қоламиз!