Профессор Мерсаид Арипов

 

Мерсаид Арипов 1939 йил 20 сентябрда Тошкент вилояти Байтқўрғон қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 1961 йилда Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – математик.

Меҳнат фаолиятини 1961 йил Ўрта Осиё давлат университетининг катта лаборант лавозимида бошлаган, Россия Фанлар академияси ҳисоблаш маркази тадқиқотчиси ва аспиранти (1963-1968), 1968 йилдан Тошкент давлат университети Ҳисоблаш маркази илмий ходими, илмий гуруҳ раҳбари (1968-1972), марказ раҳбари, “ЭҲМларнинг математик таъминоти” кафедраси доценти (1972-1978), “ЭҲМ ва дастурлаш” кафедраси мудири (1978-1989), касаба уюшмаси раиси,  университет проректори (1991-1993), “Информатика ва татбиқий дастурлаш” кафедраси мудири (1993-2010), мазкур кафедра профессори (2010-2016), “Амалий математика ва компьютер таҳлили” кафедраси профессори (2016-2017) ва кафедра мудири (2017-2019) лавозимларида фаолият олиб борган.

М.Арипов математик моделлаштириш, ахборот хавфсизлиги ва ахборот технологиялари йўналишларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ҳамда бу соҳаларга оид унинг 200 дан ортиқ илмий мақолалари хорижнинг нуфузли журналлари ва республика журналларида чоп этилган. Шунингдек, 20 дан ортиқ дастурий маҳсулотларга муаллифлик гувоҳномалари олинган.

М. Арипов жаҳонда биринчилардан бўлиб астрофизика, атом физикаси, юпқа плёнка ва бошқа соҳаларда қўлланаладиган иккинчи ва учинчи тартибли умумлашган Эмден-Фаулер тенгламалари ечимларининг асимптотик назариясини яратган. Бу соҳада олинган натижалар машҳур математиклар академик А.Н. Тихонов ва академик В.А. Ильинларнинг тавсияси билан АҚШ да таржима қилинадиган Россия ФАнинг маърузалари (ДАН СССР, 1989. Т.38, №3, ДАН РАН, 1995. т. 344, №3.) ва нуфузли журналларда (Дифференциальные уравнения, 1996. т.32. №6, Математическое моделирование, 1995, т.6. №5) чоп этилган. М. Арипов томонидан ечимларнинг асимптотик хоссаларини тадқиқ қилиш учун эталон тенгламалар усули (хорижда ВКБ усули) таклиф қилинган ва асосланган. Ушбу таклиф этилган асимптотик назария академиклар А.А. Самарский ва В.А. Ильинлар томонидан расман эътироф этилган.

Профессор М. Арипов томонидан бузилувчан ночизиқли параболик типдаги тенгламалар ва уларнинг системалари учун сонли параметрлар қийматига боғлиқ равишда қуйидаги янги эффектлар (ҳодисалар) аниқланган: иссиқлик тарқалиш тезлигининг чеклилиги, чегараланган ва чегараланмаган (blow-up) ечимларнинг фазовий локаллашиши, чекли вақтда ҳароратнинг совуши, бир томонлама фронт ва “девор” ҳодисаларининг пайдо бўлиши каби ҳодисаларнинг кузатилиши илк бор исбот қилинган.

М. Арипов халқаро ва республика миқёсидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларида фаол қатнашади. Жумладан, унинг раҳбарлигида 3 та Европа Иттифоқи, 2 та Россия-Ўзбекистон халқаро грантлари, республика миқёсида 3 та фундаментал, 4 та амалий, 2 та инновацион илмий-тадқиқот лойиҳалари муваффақиятли бажарилган. Бугунги кунда Erasmus+ гранти (2017-2020) координатори, 1 та амалий ва 1 та фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳаларига раҳбарлик қилмоқда.

М. Арипов ва унинг шогирдлари томонидан параболик типдаги ночизиқли бузиладиган тенгламалар ва уларнинг системалари учун Коши ва чегаравий масалалар билан тасвирланувчи математик моделларнинг янги юқорида келтирилган хоссаларини аниқлаган. Хусусан, улар ғовак муҳит, умумлашган Р-Лаплас тенгламалари, газ ва суюқликларда фильтрация жараёнлари, ночизиқли диффузия, иссиқлик ўтказувчанлик, чанг ва тузларнинг бир компонентали ва кўп компонентали чизиқсиз муҳитларда конвектив кўчиши, ўзгарувчан зичликли Колмогоров-Фишер туридаги ночизиқли биологик популяция жараёнларини ўз ичига олган икки карра чизиқсиз тенгламалар орқали ифодаланаувчи математик моделларнинг хоссаларини автомодель ёндошувга асосланган тадқиқ қилиш усуллари таклиф қилинган. Бу олим томонидан олиб борилган тадқиқотлардан олинган илмий натижалари бир неча корхоналар ва ташкилотларда (Тошкент авиация заводи, “Малика уюшмаси”, Зелиноград ҳарбий корхонаси, Республика урология маркази ва бошқалар) амалиётга жорий қилинган.

М. Ариповнинг илмий ташкилотчилик фаолияти кўп қирралидир ҳамда жамоатчилик ишларида ҳар доим фаол қатнашиб келган. У Қозоғистон Миллий университетида илмий даражалар берувчи кенгаш аъзоси (2004-2009), Тошкент ахборот технологиялари университети ва Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги 14.07.2016.Т.29.01 рақамли илмий кенгаш аъзоси (2016-2017), Ўзбекистон Республикаси ОАК эксперт комиссияси раис ўринбосари ва аъзоси (1994-2013) бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.30.12.2019.FM.01.02 рақамли илмий кенгаш раиси ўринбосари ҳамда шу кенгаш қошидаги Математик моделлаштириш, сонли усуллар ва дастурлар мажмуи ихтисослиги бўйича илмий семинар раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

М. Арипов муаллифлигида 2 та дарслик, 50 тадан ортиқ ўқув қўлланмалари, методик кўрсатмалари ҳамда услубий қўлланмалар нашр этилган. Унинг муаллифлигидаги “Информацион технологиялар” ва “Web технологиялар” ўқув қўлланмалари – Йилнинг энг яхши ўқув адабиёти Республика танловларида 1-ўринни эгаллаган.

М. Арипов халқаро ҳамкорликни яхши йўлга қўйган ташаббускор олимлардан биридир. У 1976-2020 йиллар мобайнида дунёнинг ривожланган мамлакатларида ўтказилган 50 дан ортиқ конгресслари ва нуфузли конференцияларида илмий маърузалар билан иштирок этган ҳамда шўъбаларида раислик қилган. У Америка, Европа математика жамиятлари ва Германиянинг амалий математика ва механика жамиятлари аъзоси, нуфузли “Zentralblatt MATH” таҳририятининг рецензенти, “Pure and Applied Mathematics”, “Information security”, “Вестник КАМГУ” халқаро илмий журналларининг таҳририят ҳайъати аъзосидир.

М. Арипов илмий раҳбарлигида 6 нафар фан докторлари ва 23 нафар фан номзодлари (PhD) тайёрланган. Унинг шогирдлари: магистрант Дилшод Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори ва п.ф.н., доцент Азларов Тургун Рахматович «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ва «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланган.

Оилали, 3 фарзанднинг отаси.

Профессор М. Арипов ўз соҳасининг устаси, ташкилотчи, меҳнатсевар педагог олимдир. У ўзининг юқори интеллекти, фидокорона ва сермаҳсул меҳнати, қатор илмий ва замонавий ўқув адабиётларнинг муаллифи сифатида танилган етакчи олимдир, шунингдек, ёшларни тарбиялашда, уларни илм-фаннинг замонавий йўналишлари билан шуғулланишга жалб этишда ўзининг куч ғайратини аямай келаётган меҳрибон устоздир.

Профессор М.Арипов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони (1990) ва «Фидокорона хизматлари учун» ордени (2020) билан тақдирланган.

Устозга мустаҳкам соғлик ва саломатлик талаб қоламиз.