Академик Нўъмон Юнусович Сатимов

Нўъмон Юнусович Сатимов – ўзбек олими, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби.

Н.Ю.Сатимов Тошкент оптимал бошқарув ва дифференциал ўйинлар илмий мактабининг асосчиси, дифференциал ўйинлар назариясига йирик ҳисса қўшган олимдир.

У  1939 йил 15 декабрда Андижон шаҳрида туғилди ва шу ерда 29 мактабда ўқишда ўқиди. 1956 йилда Марказий Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети)нинг физика-математика факультетига ўқишга кирди. 1958 йилдан бошлаб Н.Ю.Сатимов  ўқишни  М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг механика-математика факультетида давом эттирди.  Ўқишни тугатгандан сўнг ватанига қайтиб, 1962–1965 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтига аспирантурага қабул қилинди, 1965–1968 йилларда бу институтда кичик илмий ходим бўлиб ишлади. 1968 йилда Тошкент давлат университетига ишга ўтди. 1971 йилда янги ташкил этилган “Амалий математика” кафедрасига мудир этиб тайинланди. 1974–1976 йилларда Москва шаҳридаги СССР Фанлар академиясининг В.А.Стеклов номли Математика институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади. Сўнг Тошкентга қайтиб, “Амалий математика” кафедрасига раҳбарликни давом эттирди.   1985–1987 йилларда Н.Ю.Сатимов  ТошДУнинг амалий математика ва механика факультети декани лавозимига тайинланди. 2000 йилдан умрининг охиригача  Ўзбекистон Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади.

1968 йилда Н.Ю.Сатимов ўзининг номзодлик ишини, 1977 йилда В.А.Стеклов номидаги математика институтида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.  Олим 1978 йилда профессор унвонини олган, 1979 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 2000 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Н.Ю.Сатимов дифференциал тенгламалар ҳамда бошқарувнинг математик назарияси ва уларнинг татбиқлари соҳаларидаги дунё миқёсидаги етук мутахассислардан бири бўлган.  Олим бу соҳалар бўйича дарслик, 2 та монография ва 180 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи, мақолаларнинг аксарияти рус тилидан инглиз тилига таржима қилинган.

Аспирантурада таниқли олим Б.Болтянский раҳбарлигида оптимал жараёнлар назарияси билан шуғулланган Н.Ю.Сатимов 1970-йилда ТошДУда бир гуруҳ математиклар билан янги йўналиш – қочиш-қувиш  дифференциал ўйинлар назарияси билан шуғуллана бошлайди. Бу йўналишга АҚШлик математик Р.Айзекс, собиқ иттифоқ доирасида 20-асрнинг энг йирик математикларидан бири Л.С.Понтрягин ишларида асос солинган эди. Н.Ю.Сатимовнинг бу йўналишдаги биринчи натижаси Понтрягиннинг биринчи қувиш масаласини ечиш усулини кучайтиришдан иборат бўлди. Сўнг у Е.Ф.Мищенко ва М.С.Никольский билан ҳамкорликда Л.С.Понтрягиннинг учрашувдан четлашиш масаласини ечиш усулини такомиллаштириш билан шуғулланди, жумладан, бир нечта қувувчилар учун дастлабки натижани олди. 

2000 йилдан бошлаб Н.Ю.Сатимов параметрлари тақсимланган системаларда бошқарув масаласини билан шуғулланиб, бу йўналишда оригинал натижаларни қўлга киритди. Олимнинг, шунингдек, классик ўйинлар назарияси (Л.А.Петросян ва А.А.Азамов билан ҳамкорликда), дискрет вақтли ўйинлар назарияси, оддий дифференциал тенгламаларнинг хоссаларига оид ишлари ҳам маълум.

Н.Ю.Сатимовнинг бевосита илмий раҳбарлигида 20 нафардан ортиқ фан номзоди, 8 нафар фан доктори етишиб чиққан.

У кучли тадқиқотчи бўлиш баробарида маҳоратли педагог, самимий дўст ва илмий раҳбар, садоқатли ва  оила бошлиғи бўлган, республика математика олмпиадалари ва ёзги физика-математика мактабларини ташкил этишда фаол қатнашган. Бўш вақтида минифутбол, стол тенниси ва сузиш билан мунтазам шуғулланишни севган, бадиий адабиётга бой шахсий кутубхонаси бўлган.

Нўъмон Юнусович Сатимов Ўзбекистонда математика тарихидан доимий жой эгаллаган. Бугун у асос солган илмий мактаб фаолияти кўплаб шогирдлари  томонидан давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон математиклари Н.Сатимовни ҳар доим ўзларининг севимли устоз сифатида эслашади.