ИСРОИЛОВ МАЪРУФ ИСРОИЛОВИЧ

(27.04.1934-29.08.2010)

Исроилов Маъруф Исроилович – атоқли олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, сонлар назарияси ва ҳисоблаш математикаси соҳаларида йирик мутахассис.

Унинг кенг кўламдаги илмий ишлари мамлакатимиз ҳамда чет эл мутахассислари томонидан тан олинган. У Ўзбекистонда сонлар назарияси ва ҳисоблаш математикаси илмий мактабларининг ташкилотчи ва раҳбарларидан биридир.

Исроилов Маъруф Исроилович 1934 йилнинг 27 апрелида Самарқанд шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. У 1951 йил Самарқандаги 16-ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, ўша йили А.Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга киради ва 1956 йилда университетни муваффақиятли тугатади.

У 1958-1961 йилларда ЎзФА В.И. Романовский номидаги Математика институтида профессор Н.И.Романов раҳбарлигида аспирантурада ўқиди. Маъруф  Исроилов 1966 йилда “Ҳадлари тез ўсувчи йиғиндилар учун Тарри муаммоси ва унинг эргодик йиғиндиларга тадбиқи” мавзусидаги номзодлик диссетациясини, 1986 йилда эса “Ҳадларининг миқдори ўсувчи бўлган аддитив масалалар учун асимтотик ва аниқ формулалар” мавзусида докторлик диссетациясини ёқлади. 1974 йилда “Катта илмий ходим” унвонига, 1979 ва 1989 йилларда эса “Ҳисоблаш математикаси” ихтисослиги бўйича доцент ва профессор унвонларига сазовор бўлди.

М.И. Исроилов аспирантурани тугатганидан кейин ЎзФА Математика институтининг Ҳисоблаш марказида кичик илмий ходим, 1976 йилдан 1984 йилгача ЎзФА Кибернетика институтида “Интегралларни тақрибий ҳисоблаш назарияси” лабораториясининг мудири, 1984 йилдан 1995 йилгача ЎзФА  Математика институтида “Ҳисоблаш методлари” бўлими мудири, 1995 йилдан эса СамДУ “Ҳисоблаш математикаси” кафедрасининг мудири лавозимларида фаолият олиб борди.

Унинг илмий изланиш соҳалари кенг қамровлидир. Жумладан, Гильберт фазоларида арифметик характерига эга бўлган умумий ортогонал ва биортогонал тизимлар қуриш, аддитив масалалар, Диофант тенламаларининг ҳар хил синфлари учун ечимлар сонини топиш, тригонометрик йиғиндиларни баҳолаш, турли фунционал фазоларда оптимал квадратур ва кубатур формулалар қуриш, регуляр ва сингуляр ядроли интеграл тенгламаларни тақрибий ечиш соҳаларидаги чуқур изланишлари орқали сонлар назарияси ва ҳисоблаш математикасига муҳим ҳисса қўшди.  

Республикамизнинг йирик олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларида ишлаган чоғида М.И.Исроилов ўнлаб шогирдлар тайёрлади ва улар бунунги кунда республика иқтисодиётининг турли тармоқ ва соҳаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларда ишлаб келмоқдалар. М.И.Исроилов магистрантлар, аспирантлар ва докторантларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилган. Унинг бевосита раҳбарлигида 10 тадан ортиқ номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган. У учта докторлик диссертацияларининг ҳимоя қилинишида кўмаклашган.

Маъруф Исроилович Исроилов 2010 йил 29 августда Тошкент шаҳрида оламдан ўтдилар.

Устознинг ёрқин хотиралари доимо ёдимизда сақланиб қолади.

 

Ҳисоблаш математикаси лабораторияси
томонидан тайёрланди